Ўзбек ва корейс тиллари орасидаги ўхшаш жиҳатлар

s_04.jpgКорейс халқи ҳақида гап кетганда, уларнинг бир қанча ҳусусиятларини келтириб, ўзбек халқи билан яқинлигини ҳам таъкидлаб ўтишади. Дарҳақиқат, ўзбек ва корейс халқлари орасида ўхшаш жиҳатлар кўп: урф-одатларда, яшаш тарзида…Не ажабки, тилимизда ҳам яқинлик бор экан.
Уларни кузатиш жараёнида баъзи ўхшашликлар сабаби икки тилнинг ҳам бир оилага – олтой тиллар оиласига мансублигида деб ҳулоса чиқарган бўлсак, баъзилари чинданда ҳайратда қолдирди. Фикримиз исботини қуйидаги мисолларда кўришимиз мумкин.

1. Ўзбек тилидаги қиёсий даражада “кўра” сўзи ишлатилади. Масалан, “У мендан кўра кўп ишлади”. Корейс тилида ҳам қиёслаш учун кўрмоқ феъли (“пўда”) ишлатилади. Буни ўзбекча “қараганда” билан яқинлаштириш ҳам мумкин. “Кыбунин на пўда мани илҳессойо”(юқоридаги мисолнинг таржимаси)

2. Ажратиб кўрсартиш, танлов муносабатли гапларда “ичида” сўзини ишлатамиз: “Дўстларим ичида энг яхшиси”. Корейс тилида ҳам бундай гапларда “ичида” (“чунгэ”) сўзи қўлланилади. “Чингудил чунгэ кажанг чўайо”

3. Айириб кўрсатиш учун “ташқари” деймиз. Корейс тилида ҳам айнан “ташқари”(“пакк”) сўзи ишлатилади. Масалан, “Бу ҳикоядан ташқари ҳаммасини ўқидим” дейиш учун “И иягипаккэ та илгоссойо” дейишади.

4. Қўшма феъл ва кўмакчи феълли сўз қўшилмасини қўллашда ҳам бир хилликлар кўп. Масалан, қилиб кўрмоқ – ҳе пўда (кўрмоқ феъли), қилиб бермоқ – ҳе чуда, ёрдам бермоқ – тўва чуда (бермоқ феъли), қилиб келмоқ – ҳе ўда (келмоқ феъли), қилиб қўймоқ – ҳе нўтта (қўймоқ феъли), яхши кўрмоқ – чўаҳада (яхши сифати) ва ҳоказо.

5. “чиқмоқ” кўмакчи феълли сўз қўшилмасини кўп ўринларда ишлатамиз. Масалан, “расм чиқмоқ”, “китоб чиқмоқ’, “радио ёки Тв.да чиқмоқ”, “ишдан чиқмоқ”, “овоз чиқмоқ” каби ўринларда корейс тилида ҳам “чиқмоқ’ феъли – “наўда” ишлатилади.

6. “Дўсти устида ҳар нарсага тайёр” ёки “соғлиқ устида”, “оила устида” каби бирикмаларда “уст” предлогини ишлатяпмиз. Корейс тилида ҳам бу каби маъноларни беришда шу “уст” предлоги – “уви” (баъзида вихесо) қўлланилади.

7. Яна ўзбеклар бирқанча нарсаларга нисбатан “бор” ва “йўқ” сўзларини ишлатишади. Масалан, “иш бор”, “вақт йўқ”. Кўпчилиик тилларда бундан бошқа бирикмалар билан тузилади. Корейс тилида эса айнан “бор”(итта) ва “йўқ”(оптта) сўзлари қўлланади. Вақт бор – шигани итта, шароит йўқ – киҳига оптта, ҳарорати бор – ёри итта, иш йўқ – ири оптта ва шу кабилар.

8. “Бўлмоқ” феълини ҳам турли маънони касб этувчи гапларда қўллаймиз. Корейс тилида ҳам бўлмоқ феъли “теда” бир хил қўлланади. Масалан, “Ҳозир музқаймоқ бўладими?” – “ Чигим аисикрими темникка?”, “Соат 12 бўлибдику” – “12 шига тетгунйо”, “Кирсангиз бўлади” – “Наўшимён тейо”. Бундан ташқари ўзбеклар “Ҳўп”, “Розиман”, ёки “Келишдик” дейиш учун “Бўлди” сўзини ишлатишади. Корейслар ҳам бундай вазиятларда “Тессойо” дейишади.

9. Айрим тилларда кўплик сонидан кейин келган от ҳам кўплик кўринишида бўлади, яъни “лар” қўшимчаси қўшилади. Маълумки, ўзбек тилида бундай эмас. “4 та одамлар” эмас, “4 та одам” дейилади. Корейс тилида ҳам шундай. “Сарами 4 мёнг” дейишади. Кўплик бўлишига қарамай “лар”(“дыл”) қўшилмайди.

b_04.jpg

10. Чама маъносини беришда “бир-икки”, “уч-тўрт” дея сонларни қўшиб гапирамиз. Корейслар ҳам аниқ бўлмаган нарсани худди шундай қилиб “ҳан-ту”, “се-не” деб айтишади.

11. Ўзбеклар миллий таомларидан бирини “ош” деб атайди. Лекин “ош” умумий таом маъносини ҳам англатиши мумкин. Корейсчада “паб” аслида пишган гуруч дегани, аммо “Овқат едим” демоқчи бўлганда ҳам шу сўз ишлатилади. (“Пабил могоссойо”)

12. Холатни кучайтириш учун баъзан “ўлай деб” сўзини қўшиб гапирамиз. Корейслар ҳам бундай вазиятда “ўлмоқ”(“чукда”) феълини ишлатишади. “Қорним очиб ўлай деяпман” – “Пега кўпасо чуккессойо”.

13. Ўзбеклар ўзига таниш бўлмаган кишисига, масалан, кўчадаги инсонлар ёки сотувчига “амаки”, “ҳола” деб мурожаат қилади. Корейслар ҳам нотаниш кишиларни амаки – “ажошши” ва хола – “ажумони” деб аташади.

14. Шундай сўзлар ҳам борки, ўзбек ва корейс тилида бир хил талаффуз қилинади. Масалан, “ва” боғловчиси корейсчада ҳам “ва”. “Ёмғир ва қор ёғди” корейс тилига “Пи ва нуни вассойо” тарзида таржима қилинади. Ўзбек тилидаги “сув” сўзи эски корейс тилида ҳудди шундай талаффуз қилинган. Фақат корейс тилида “в” ҳарфининг йўқлиги (балки “ва”, “ве”, “вэ”, “вы”, “ви” бирикмаларининг борлиги) сабабли ёзувида “в” ёзилмайди. Сув ҳавзаси(бассейн) эса “суёнгжанг” дейилади. Бизлардаги «ҳақиқий» маъносини берувчи “чин” сўзи корейсларда ҳам “чин”. Корейслар “чин дўст”ни “чинын чингу” дейишади. “Чиндан” – “Чинчайо”, “Чин дил” – “Чин шил” вa шу кабилар. Ёки “қамоқ” – “кхамок”, “тўгарак” – “тўнгари”, “кавуш” – “кўмушин” сўзлари ҳам талаффуз, ҳам маъно жиҳатдан бир хил. 1

15. Баъзида кучайтирув, таъкидлаш учун “-да” қўшимчасини қўшиб гапирамиз. Тошкент шевасида бу “-де” тарзида айтилади. Корейсчада ҳам айнан “-де”. Масалан, “Бозорга боргандимде” – “Шижангэ каннинде…”.

16. Корейс тилидаги баъзи мақоллар сўзма-сўз таржима қилганда ҳам бир ҳил маънони беради, яъни уларда бир хил гаплар қўлланган. Масалан, “Ман самчан пўда каккаун иут инатда” – “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал”, “Пекжичандў матдилмённатда” – “Куч бирликда”, “Кири кири моинда” – “Тенг тенги билан”.

17. Баландпарвоз гапирган, амалга ошмайдиган нарсаларни орзу қилган кишига нисбатан “Буни тушингда ҳам кўрмайсан” деймиз. Корейслар ҳам шу иборани қўллашади. “Игосыл кумэдў кужима”.

Ҳали бу ҳаммаси эмас. Корейс тилини қунт билан ўргансангиз, бундан ҳам кўп “ажойибот”ларга дуч келасиз. Балки бу тилни ўрганишнинг қизиқлиги ҳам шундадир.

Дурдона АЛИМОВА

Salom, Durdona! \
Maqolangiz manga yoqdi. Man ham kareys tilini o’rganayabman.
Sizdan bir narsa so’ramoqchiman-
intrnetda koreys tilini o’rgatuvchi yoki lug’atlar shu kabi yahshi saytlarni bilsez , iltimos mani e-mailimga adresini yuboring.
Rahmad


January 2018
M T W T F S S
« Apr    
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031  

Архив статей